-Мен тиббиёт институтининг 3 босқич талабасиман.Курсимиз билан пахта йиғим теримига кўмаклашиш учун келдик.Биз ёрдамчи хашарчилармиз - тушунтирди қиз.
-Тушунарли -деб қўйди Холбўри.Кейин яна ишга киришаркан, давом этди:
-Эшитишимча бошига қоп кийган махсус жаллодлар пахта териш нормасини бажармаган талабаларни карнай - сурнай ва ноғораи калон садолари остида дала шийпонининг пешхорисига намоишкорона осиб, қатл қилармишлар, шу ростми?
Бу гапларни эшитиб, қиз бўйнидаги харир рўмоли билан оғзини тўсганича нозик елкаларини силкитиб, астойдил кула бошлади.
Кейин: -Товба, сизни рассом десам, қизиқчи ҳам экансизда а? Ҳеч жаҳонда пахта териш нормасини бажармаган талабани ҳам дорга осадиларми? -деди у, кулишда давом этаркан.
-Энди, йигит кишига етмиш хунар оз дейишадику машойихлар.Хар тўкисда бир айб деганларидай, шунақа ҳазил мазах деса томдан ташлайдиган қизиқчилик одатим бор.Зерикмай ҳазиллашиб турайлик дедим -да, оппоқ қиз. Лекин, керак бўлса, пахта теришда сизга ёрдамлашишдан ҳам тоймайман.Ёрдамчиларга ҳам ёрдам керак ахир.Медицина тили билан айтсак, "тез ёрдам" -деди Холбўри.
-Аввал кўмир билан қоралама қиламиз, кейин... деди у қизнинг дўндиққина оппоқ юзларига, шахло кўзларига, ғунчадек лабларию, оққушникидай силлиқ бўйинларига бир зум ўйчан термулиб.
Холбўри чизишни бошлаши билан қиз лунжларини шишириб, кутилмаганда кулиб юборди.
-Ие, кулмангда.Ахир қилт этмай ўтиринг дедимку сизга -деди Холбўри, гоҳ қизга қараб, гоҳ ромматога кўз югиртириб, бадиий кўмир билан тез тез қоралама қиларкан.
-Кулгим қистаб кетяптида -деди Илтижо, яна қайта жиддийлашишга тиришиб.
Холбўри бир зум чизишдан тўхтаркан, битта оппоқ бўлиб очилган пахта чаноғини банди билан узиб, қизнинг қуюқ ва майин сочларига, чаккасига қистириб қўйди.Сўнг яна ишга шўнғиди.
Илтижо қилт этмай ўтирсада, ҳамон кўз қири билан этюдникка қараб турар, суратининг қай йўсинда чизилаётганини билгиси, матодаги тасвирга қарагиси келарди.
-Яхшилаб чизяпсизми? Яна карикатурамни чизиб қўйманг! -деди у. Сўнг сабрсизланиб: - Ҳали узоқ ўтиришим керакми? Бўйним толиб кетдику -деди.
Илтижо ҳўп дегандай бош ликиллатаркан, севинч кўз ёшларини кўйлагининг этагига артди.Сайёрадан бу сирни ҳеч кимга айтмасликни илтимос қилди.Шу кеча у қани энди тезроқ тонг отсаю далага, Холбўрининг олдига борсам дея ўйлаб, тўшагида тўлғониб, анчагача ухлолмай ётди.Яхшиям вақт тўхтаб қолмайди.У одамзод юрак уришига ҳамоҳанг беғам, лоқайд одимлаганича тўхтовсиз ўтаверади ўтаверади, қаёққадир кетаверади.Инсон боласи гоҳида унинг тез ўтиб бораётганидан зорланса, баъзан уни шиллиқ қуртдай беғам имиллашидан безор бўлади.Аслидаку одам боласини дунёга шу вақт олиб келади ва бир кун уни яна ўзи билан олиб кетади.Вақт шафқатсиз.Ким билади, балки меҳрибондир, мушфиқдир.Илтижо чироғи ўчирилган дала шийпони деразасидан мўралаётган ойга термулган куйи ўйланиб ётаркан, шошилишда Холбўрининг қўл телефони рақамларини ёзиб олмаганига, ёки ўзининг телефон рақамларини унга қолдирмаганидан афсусланди.Лекин бир ухласа тонг отишини ўйлаб, ўз кўнглига ўзи таскин берди.У шу тариқа ўйлана ўйлана, ниҳоят уйқуга кетди.
Эртасига наридан бери нонушта қиларкан, курсдош дугоналари билан худди чопқир тайған итлар галасини эргаштириб, тулпор отини ўйнатиб, шикорга чиққан аслзода малика каби кўтаринки кайфият билан пахтазор тамон йўл олди.Унинг ўй -хаёли ҳамон Холбўри билан банд эди.У ўқ ариқ бўйлаб дала увотига, кеча Холбўри билан учрашган жойга қараб юраркан, узоқдан уни кутиб турган рассом йигитни кўрди.Кўрдию ҳаяжондан нафаси бўғзига тиқилиб, энтикиб, юраги хапқириб кетди.
Холбўри қўлида палитра ва мўйқалам билан бўрига ўхшаб бутун танаси билан буриларкан, кутилмаганда қўшиқ айтиб: -Ана натурщицам келяптиё, мана натурщицам келяпти!... дея ўйинга туша бошлади.
Кейин Отелло ролини ижро этаётган драматик актер каби палитра тутган қўлини олдинга чўзиб давом этди: -О, ниҳоят илтижоларим Худои Таолоға етибдир чоғи!Келдинғизму, Илтижо?! Мен сизни келмасалар керак деб ўйлағон эрдим.Нега йўталмоқдадурсиз, маликам?! Ҳайҳот, ҳакимлар ҳам касал бўлғайму, хасталанғайму?! Ҳечқиси йўқ.Бизнинг битта қўшнимиз ҳам йўталиб йўталиб, охир оқибат асфаласофинға равона бўлғон эрди!-деди.
Илтижо хандон отиб кулди.Кейин: -Касалмасман, ахир ўзингиз кеча одам деган сал йўталиб нетиб келадида дедингизку -деб қўйди.
-Ааа, дарвоқе, шундай дедима.Эсдаям йўқ.Лекин менинг ҳотирам, Худога шукр, мустахкам.Бирон одамнинг қиёфасини бир кўрсам бас, уни майда деталларигача эслаб қоламан ва ҳохлаган пайтда у қиёфани ёддан чизиб, акс этдиришим мумкин.Лекин сизнинг портретингиз мендан масалага бутунлай бошқача ёндошишини талаб қилмоқда.Негалигини билмайман.Аслида портретни ҳар қандай рассом чизиши мумкин.Лекин портретдаги одамнинг ички дунёсини, қалбини, туйғуларини, характерини бўёқлар ёрдамида акс этдириш фақат дунёга донғи кетган буюк рассомларгагина насиб этади.Буюк рассомлар эса жуда камтарин бўладилар.Энди ўзимдан қиёс - да -деди Холбўри.
-Ие, унинг исми ҳам Илтижоми? Вой, бундан чиқди адаш эканмизда у билан -дея ҳайратланди Илтижо.
-Ҳа, унинг бир Сайёра деган дугонаси ҳам бор.Улар тиббиёт институтида бирга ўқишади.Улар факультет деканидан ва Дахшатий таҳаллусли домлаларидан ўлгудек қўрқадилар -деди Холбўри илжайиб.
Бибисувайдо стаканни эрининг қўлидан шахд билан тортиб оларкан, бир кўтаришда сувни оқ урди.Кейин ароқ ичгандай оғзини енгига босиб, бир зум нафас олмай турдида, пиёзли нонни катта катта тишлаб, бир нуқтага тикилганича ғазаб билан индамай ея бошлади.
-Мана бу бошқа гап.Қани бир жилмайчи, ҳа илжай... Ҳа, ана! Бўларканку!Лекин кулганингда жуда чиройли бўлиб кетасанда ўзиямче!Юзинг ёнган лампочкадай лоп этиб ёришиб, кулгичларинг ўйнаб кетади.Майли, сен айтганча бўлақолсин, сарвиравоним, мохитобоним.Уйингни евроремунтдан чиқартириб бераман.Маматкарим деган наққош бола бор.Бир оғиз айтсам йўқ демайди.Деворларни оҳак билан яхшилаб оқлаб, трафаретларга чангютгич билан бўёқ сочиб, деворларга гул солиб беради -деди Исканақул Каркидонов.
-Йўқ, унақа наққошларни ёлламаймиз.Улар унчалик яхши ремонт қилолмайди.Холбўри яхши қилади.Ўшани ёллаймиз.Уй деворларига ўрмонлар, дарёлар акс этдириладиган манзаралар чиздирамиз -деди Бибисувайдо, ўжарларча ўз фикрини мақуллаб.
-Яхши. Холбўри бўлса, Холбўрида. Лекин у катта пулга қилар дейман? Тахминан неча пул кетаркин ремунтга? -деб қўйди Исканақул Каркидонов.
-Харажатлар билан сизнинг ишингиз бўлмасин, Холбўрига ўзим бераман хизмат ҳақини-деди Бибисувайдо, қатъий.
-Яхши унда, келишдик.Мен шопиримга айтаман, Холбўрини ернинг тагидан бўлса ҳам топиб, идорага олиб келади.Шартнома қилиб, иложи бўлса, унга озгина олдиндан заклад ширинкома бериб қўяман.У бугуноқ ишга киришади.Сен устани зериктирмай, чой пойидан хабар олиб тургин.Художниклар алкаш бўлади.Ишлаётганда тоза ароқ, коньяклардан рюмкаларга қуйиб, музлардан солиб, газакига қази - қарта тайёрлаб қўй.Юз юз ичееб ишламаса, уларга илҳом келмайди -деди раис Исканақул Каркидонов.
Шундай гаплар билан раис кийимларини кийди.Сўнг хотини Бибисувайдо билан ҳайрлашиб, кўчага чиқаркан, хизмат машинасига ўтириб, ишга жўнади.
4 боб
Дельта
Домла Дахшатий талабаларни теримга солиб, дала шийпони тамон кетган маҳал Холбўри Илтижо пахта тераётган бўлги тамон йўл олди.
-Кундалик нормага етадиган пахтани териб қўйдикку.Қўрқманг, энди сизни деканат терим нормасини бажармадинг деб дала шийпони пешхорисига осиб, қатл қилмайди, ўқишдан ҳам хайдолмайди.Пахта тортадиган пайтгача қайтиб келамиз -деди Холбўри, ҳамон нигохи билан олислаб бораётган турналар карвонини кузатиб.
Шу гаплардан кейин улар ўқ ариқ четидаги сўқмоқ бўйлаб, дарё соҳили тамон жўнадилар.Соҳилга етгач, иковлон нишаб қияликдаги узун узун кузги ўт -ўланлар аро аранг кўринган илонизи сўқмоқдан пастга эна бошладилар.Кузги ёввойи толлар ўрмони ўсиб ётган дарё делтасини, шамолларда денгиз тўлқинлари каби солланиб ётган қамишзорларни, олтиндай сарғайиб кетган шолизорларни, ёйилиб, бешик -бешик бўлиб оқаётган дарё сувларни кўрган Илтижонинг юраги бадтар ҳаяжонга тўлди.
-Вуй, дарёнинг гўзаллигини!Қандай ажойиб!Сиз шундай гўзал жойларда яшаркансизда а?Бундай жойларда яшаган одам албатта сизга ўхшаб рассом бўладида.Қаранг, панорамани.Эҳ, сизга шундай ҳавасим келяптики!Нега мен ҳам қишлоқда туғилмаган эканман а?!Қани энди шу жойларда яшасанг! -деди у теваракни тамоша қилганича.
-Эхтиёт бўлинг, Илтижо, бу ерларда ўткир жийда тиконлари бўлади.Босиб олсангиз у тиконлар пояфзалингизни тешиб ўтиб, оёғингиз устидан чиқиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.Эсимда, ёшлик пайтларимиз, бир куни шу ерларда сигир боқиб юрсак, дўстим Эркиннинг оёғига жийда тикони кириб кетди.Дўстимнинг оёғидан жийда тиконини суғираман деб, ҳаяжонда тиконни синдириб қўйдим.Дўстим оқсоқланиб юролмай қолди.Оёғи кўкариб, шишиб кетди.Эртасига Эркинни чақирай деб, нураб ётган пастак пахса девордан қарасам, бечорани акалари ерга ётқизиб, махкам ушлаб турар, отаси Мирзамўйдин тоға эса Эркинннинг оёғини пичоқ учи билан астойдил ковлар, зўр бериб жийда тиконини суғириб олишга уринар, дўстим бечора бўлса, чидаб бўлмас оғриқдан бор овозда додлаб бақирар эди.Баъзан ўша воқеани акс этдирадиган биронта картина ишласамми дея ўйлаб қўяман -деди Холбўри, Илтижонинг нозик қўлларидан тутганича эхтиёткорлик билан қиялаб.
-Нақадар дахшат!Мен медик бўлсамда, бу қўлбола жаррохлик муолажаси ҳақида эшитиб, танам жимирлаб кетди, тўғриси.Ахир бундай ногигиеник амалиёт жарохатни қорасонга айланиб кетишига сабаб бўлиши ва оёқни кесиб ташлашга тўғри келиб қолиши мумкин -деди Илтижо.